Гилос (лот. Prunus avium) — атиргулдошлар оиласига мансуб мевали дарахт, шунингдек, унинг данакли меваси.
Гилос инсониятга қадимги замонлардан маълум. Археологлар бутун Европа ва Осиё бўйлаб қадимги ғорларда қотган гилос доначаларини топганлар.
Тахминларга кўра, гилос милоддан аввалги 8000 йиллардаёқ Анатолия ва ҳозирги Дания ҳамда Швейцария ҳудудларида маълум бўлган.
Гилос саломатлик учун фойдали бўлган бир қатор моддалар ва микроэлементларга бой: клетчатка, кислоталар, фруктоза, глюкоза, витаминлар, пектин, калий, магний, йод ва бошқалар.
Айрим фойдали хусусиятлари:
Юқори миқдордаги клетчатка ҳисобига овқат ҳазм қилиш тизими фаолиятини яхшилайди.
Калий ва магнийнинг юқори миқдори туфайли юрак-қон томир тизими фаолиятини нормаллаштиришга ёрдам беради.
Табиий антиоксидантлар мавжудлиги сабабли организмга тонус берувчи таъсир кўрсатади.
Витаминлар ва аминокислоталар туфайли яллиғланиш жараёнларининг олдини олишда фойдалидир.